Аҳоли мурожаатлари cтатистикаси

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушадиган мурожаатларни қонунга мувофиқ равишда, белгиланган муддатларда, сифатли ва холисона кўриб чиқиш, муаммоларига ечим топиш, халқни рози қилиш Конституцияда белгиланган давлатнинг халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. 

Бугунги кунда “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимида ҳам тегишли Фармон ва қарорлар доирасида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг механизми ишлаб чиқилган бўлиб, аҳоли мурожаатлари ўз вақтида ҳамда сифатли ўрганилмоқда, ҳал этилмоқда.                       

Маълумотларга кўра, ўтган 2018 йилда “Ўзпахтасаноат” АЖга жисмоний ва юридик шахслардан жами 2472 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 877 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан, 1279 таси ёзма ҳамда 297 таси оғзаки (шахсий, сайёр ҳамда ишонч телефон) ва 19 та электрон тарзда йўлланган мурожаатлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали  Жамиятга келиб тушган 877 та мурожаатлар вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё,  Самарқанд ва Жиззах вилоятларига тўғри келади.

Кўриб чиқиш натижаларига кўра, мазкур мурожаатларнинг 124 таси ҳалқ қабулхоналаридан, 753 таси Виртуал қабулхонадан келиб тушган бўлиб,  602 таси қаноатлантирилган, 46 таси кўрмасдан қолдирилган ва 195 таси тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилган бўлса, 28 та мурожаат муддати бўйича кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда.

“Ўзпахтасаноат” АЖга Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаат таҳлил қилинганда, келиб тушган жами 141 та мурожаатдан 111 таси (90,24%) қаноатлантирилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 11 таси такрорий мурожаат бўлганлиги сабабли тугатилган, 4 таси маълумот учун қабул қилинган бўлса, 12 таси умумий тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилган.

Шунингдек, қуйи тизим корхоналарига келиб тушган жами 736 та мурожаатни 484 та (71,92%) қаноатлантирилган, 11 таси кўрмасдан қолдирилган, 23 таси такрорий мурожаат бўлганлиги сабабли тугатилган, 2 таси маълумот учун қабул қилинган бўлса, 183 таси умумий тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилган.

Ҳисобот даврида келиб тушган жами ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг  538 та (33,7%) таси жисмоний шахслар, 1057 та (66,3%) таси юридик шахслар улушига тўғри келади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, келиб тушган  мурожаатларнинг асосий қисмини  молиявий-иқтисодий  масалалар (эски йиллардаги қарздорлик бўйича) 848 та (53,5%), шунингдек, меҳнатга оид муносабатлар (ишга кириш, ишдан бўшаш, иш ҳақи ва бошқалар) 93 та (5,8 %,) ишлаб чиқариш ва соҳага фан-техника ютуқлари, янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича 67 та (4,2%)ни, ижтимоий масалалар 209 та (13,1%) ни ва махсулот олиш  юзасидан (пахта толаси, улюк, пух, чигит ва бошқалар) 103 та (6,4%)ни ташкил этмоқда.

Шунингдек, “Ўзпахтасаноат” АЖ раҳбарияти томонидан жорий йилда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Хоразм вилоятларида сайёр қабуллар ўтказилиб, жами 30 та жисмоний ва юридик шахс вакилларини ҳудудий минтақавий терминал, корхона ва ҳалқ қабулхоналарда сайёр қабул қилиниб, шундан 24 та мурожаат қаноатлантирилган бўлса, 6 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат бериш йўли билан ҳал этилган.      

Мурожаатлар билан ишлашда Жамият ижро этувчи аппарати ва Минтақавий пахта терминаллари фаолияти устидан идоравий назорат ва талабчанликни кучайтириш мақсадида тизимли мониторинг ўрнатилган. Минтақавий пахта терминаллари томонидан кўриб чиқилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги ҳисоботлар ойлик ҳамда ҳар чорак якуни билан, шахсий қабуллар бўйича ҳисоботлар эса ҳар ҳафтада қабул қилиниб, ўрганилиб ҳамда умумлаштирилиб борилмоқда. Мониторинг натижалари эса даврий равишда Жамият ижро этувчи аппарати йиғилиш мажлислари, бошқарув раиси ва бошқарув раис ўринбосари ҳузурида ўтказилган йиғилишларда муҳокама этилиб, зарурий чоралар кўриляпти.

Жумладан, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг қуйи тузилмаларда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРК-445 сон Қонуни ижроси аҳволини ўрганилди.

Жорий йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўйган 20 нафар масъул ижрочи ходимларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган. Шулардан, 16 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган бўлса, 4 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ўрганишлар ўтказилган вилоятларда ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўқув семинарлари мунтазам ташкил этилмоқда.