Барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ҳам халқимиз манфаатига хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, пахта йиғим-теримининг бориши билан танишиш мақсадида Тошкент вилояти Бўка туманидаги "Валихон ота" фермер хўжалигига ташриф буюрди. 

Жорий йилда об-ҳавонинг ноқулай келиши деҳқонларимизга бир қатор қийинчиликлар туғдирди. Айниқса, баҳор фаслида ёғингарчилик кам бўлгани сабабли чигит экишда кечикишлар кузатилди. 

Деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ғўза парваришидаги қолоқликни бартараф этиш мақсадида давлатимиз томонидан фермерларга барча зарур шароитлар яратиб, қўшимча агротехник тадбирлар ўтказиш учун моддий-ресурслар зарур миқдорда ва ўз вақтида етказиб берилди. 

Тошкент вилоятида бу йил 75 минг 800 гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, айни пайтда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Фермерларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва мўл ҳосил етиштириш имконини берди. 

Жумладан, вилоятда фаолият кўрсатаётган лабораториялар томонидан етарли миқдорда биомаҳсулотлар тайёрланиб, фермер хўжаликларига етказиб берилди. Кўсак қурти ва ўргимчаккана каби зараркунандалар ва турли касалликларга қарши кимёвий усулда курашиш илмий-амалий ёндашув асосида олиб борилди. 

Туманларда ташкил қилинган механизаторлар уйларида дала меҳнаткашлари учун қулай иш ва дам олиш шароити яратилгани ғўза парваришида ғанимат кунлардан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этди. 

Президентимиз вилоятнинг бир гуруҳ илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари билан мулоқотда бўлди. 

Жорий йилда Бўка тумани пахтакорлари 13 минг гектарга яқин майдонда ғўза парвариш қилди. Маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ғўза баравж ривожланиб, қийғос очилган. 

Учрашувда пахта йиғим-терими ишларининг бориши, такрорий экин экиш ҳолати, вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. 

– Бу йилги қурғоқчилик деҳқонларимиз учун ҳақиқий синов бўлди, – деди Президентимиз. – Биз ҳосилни етиштириш учун уларга зарур шароитлар яратиб бердик. Пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда нарх икки баробар оширилди. Жумладан, Тошкент вилоятида бир килограмм пахта учун 1000 сўмдан зиёд пул тўланмоқда. 

Давлатимиз раҳбари барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам асосий мақсад халқимиз манфаати эканини, қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экин экилиши зарурлигини таъкидлади. 

– Манфаатдорлик бўлиши учун қилинган харажатни қоплаб, фойда кўриш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилиши лозим. Бугун ким ютади – интилган ютади, меҳнат қилган ютади, – деди Шавкат Мирзиёев. 

“Валихон ота” фермер хўжалигининг 72,6 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, 26 киши меҳнат қилади. Жорий йилда хўжалик ғалладан 222 миллион сўм даромад олди. 35,6 гектар майдонга экилган пахтадан 300 миллион сўмдан зиёд даромад олишни режалаштирмоқда. 

Фермер хўжалигида иккиламчи экин экиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ғалладан бўшаган майдонга картошка, сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экинлар экилган. Бу 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имконини беради. 

Давлатимиз раҳбари фермер хўжалиги даласида синовдан ўтказилаётган замонавий пахта териш машинаси билан танишди. Ушбу машина пахтани тоза териши, иш унумдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Кам харажат талаб қилади. 

Президентимиз мулоқот сўнггида соҳага инновацион технологияларни кенгроқ жалб этиш, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш лозимлигини қайд этди. 

Учрашувда фермерлар бундай очиқ мулоқотлар уларга куч-қувват бериб, ғайрат-шижоатини оширишини таъкидлади. 


 ЎзА