Болалар оромгоҳларда мароқли ҳордиқ чиқаришмоқда

Келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимининг яхши униб-ўсиши, сифатли таълим олишини таъминлаш, айниқса, ўз вақтида мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун шароитлар яратиб бериш муҳим масала саналади.

Шу боис, юртимизда таътил чоғида болаларни турли оромгоҳларга жалб қилиш, кўнгилли дам олишларини ташкил қилиш орқали янги ўқув йилига руҳан ва жисмонан соғлом ҳолда тайёр бўлишларини таъминлашга алоҳида этибор қаратилмоқда.  

Жумладан, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан ҳам болаларнинг ёзги ҳордиқ ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Тасдиқланган махсус режа асосида тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари мавсумий дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этилмоқда.

Ҳозирда “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимида 13 та болалар оромгоҳи фаолият юритиб келмоқда. Булар Андижон вилоятидаги “Навбаҳор”, “Машъал”, Бухоро вилоятидаги “Порлоқ келажак”, “Ёш пахтакор”, Жиззах вилоятида “Зомин”, “Табассум”, Қашқадарё вилоятининг “Ёшлик”, Самарқанддаги “Соғлом авлод”, Сурхондарёнинг “Варзоб олтин булоғи”, “Хонжиза”, Сирдарё вилоятидаги “Гулистон”, Фарғона вилоятидаги “Орзу” ва Тошкент вилоятидаги “Келажак” болалар оромгоҳларидир.

Жорий йилда ҳам болалар оромгоҳи 4 сменада ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар республика бўйича 6681 нафар бола оромгоҳларда дам олиб, ҳордиқ чиқарган. Болаларнинг сифатли, мазмунли дам олишларини таъминлаш мақсадида оромгоҳларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш билан бирга, уларнинг санитария-гигиена талабларига мослигини назорат қилиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига урғу берилмоқда.

Шунингдек, болажонлар учун турли интерактив ўйинлар, енгил дарс машқлари, тил ўрганиш курслари, спорт мусобақалари ва турли маърифий-интеллектуал танловлар мунтазам ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар болаларнинг таътилни мароқли ўтказишлари ва янги ўқув йилига ҳар томонлама тайёр бўлишлари учун омил бўлиб хизмат қилади.     

 

"Ўзпахтасаноат" АЖ матбуот хизмати