Бугун “Тошкент ҳуқуқ баҳори – “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми бошланади

2019 йил 25 апрель, яъни бугун Тошкентда мамлакатимиз тарихида илк бор“Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми бошланади.
 
Форумда юриспруденция соҳасидаги мингдан зиёд вакиллар, жумладан дунёнинг 37 мамлакати (АҚШ, Англия, Австрия, Австралия, Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия, Франция, Нидерландия, Швейцария, Польша, Канада, Молдова, Беларусь, Украина, Мальта, Латвия, Литва, Россия, Грузия, Саудия Арабистони, БАА, Хитой, Япония, Корея Республикаси, Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Шри-Ланка, Қозоғистон, Афғонистон ва ҳ.к) дан қарийб 240 делегат иштирок этиши кутилмоқда.
 
Таъкидлаш жоизки, ушбу аҳамиятли анжуманда Корея Республикаси, Сингапур, Россия, Афғонистон, Беларусь, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Шри-Ланка давлатларининг адлия вазирликлари ва қонунчилик тизими, дунёнинг етакчи арбитраж марказлари раҳбарияти ҳам иштирок этади.
 
Форумнинг амалий дастури “Сифатли бошқарув”, “Суд устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш”, “Фаол инвестициявий сиёсат” йўналишлари бўйича 17 та сессияни ўз ичига олади.
 
“Суд экспертизаси” ва “Нотариат” мавзуларига оид иккита давра суҳбати,Ўзбекистон инвестиция муҳити, давлат хизматлари ва фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар бўйича тақдимотлар,“Юридик компания бошқаруви: муваффақият сирлари” ва “Инвестиция лойиҳаларини бошқариш” бўйича маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
 
Шунингдек, “Йилнинг энг яхши адвокати”, “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси”, “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” каби номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.
 
“Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми шу тариқа, йирик профессионал байрамга айланиши кутилмоқда.