Хайрия акция давом этмоқда: “Ўзпахтасаноат” АЖ раиси ўзи таҳсил олган мактабга китоблар совға қилди

Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди.

Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ҳамда билим манбаи. Уни ўқиган инсоннинг ақли чархланади ва маънавияти юксалиб боради. Китобга бўлган муҳаббат, уни қадрлаш ва севиб ўқиш болаликдан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш буйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Республикамиз бўйича китоб тарқатиш бўйича кўпдан-кўп акциялар уюштирилди ва уюштирилмоқда, эл орасида ардоқли инсонлар ибрат тариқасида турли таълим масканларига ташриф буюриб, билим ва маърифат манбаларини улашмоқдалар.

Ана шундай тадбирлардан бири, навбатдагиси пойтахтда бўлиб ўтди.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Алишер Мақсудов Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги ўзи таҳсил олган 160 мактабда бўлиб, “Бутунжаҳон болалар китоб куни” тадбирида иштирок этди ҳамда мактаб кутубхонасига турли китоблар тўпламини совға қилди.

Китоблар ўқувчилар ва устозлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди ва мактаб ахборот-ресурс марказидан жой олди. Энди улар навбати билан мутолаа қилинади.

Ушбу мактабда фаолият юритаётган устоз-муаллимлар ҳамда ўқувчилар бундай хайрли ишлар келажакда ўз мевасини беришига катта ишонч билдирдилар.

Манбаа: https://kun.uz/62444971 олинди.