Ховос туманида янги ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади

Мамлакат иқтисодий тараққиёти ва одамлар турмуш фаровонлигининг юксалишида соҳаларга йўналтирилаётган инвестициялар муҳим роль ўйнади. Бу маблағлар ҳудудларда турли хил ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиши ва ўз навбатида янги иш ўринларининг яратилишига замин бўлади.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятида ҳам белгиланган вазифалар ижросига мувофиқ, тизимда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва шу орқали янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, чекк-чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи юртдошларимизни иш билан таъминлаш борасида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани, Ховособод маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида “Xovos ideal teks” МЧЖ корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Лойиҳанинг “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги “Боёвут пахта тозалаш” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада айни пайтда тизим корхоналари учун зарур бўлган фартук, автоёпгич ва қўлқоплар таёрланмоқда.

Ховособод маҳалласида мазкур тикувчилик мажмуасининг ташкил этилиши ҳудуд учун катта аҳамиятга эга. Сабаби, ушбу корхонага Ховособод маҳалласида яшовчи 50 га маҳаллий фуқарони меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилдик. Уларнинг катта қисмини кам таъминланган оилалар рўйхати турувчи хотин-қизлар ташкил этади. Режага кўра, яқин ойларда корхона фаолияти янада кенгайтирилиб, махсус кийим-бошлар, чойшаб, матрас, ёстиқ сингари қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилади. Бу маҳалладаги яна бир неча хонадонга доимий даромад кириб боради, дегани”, дейди жамият раҳбари Эркиной Мамажонов.