Қишлоқлар ободлиги йўлида

Мамлакатимиз аҳолининг қарийб ярми (49 фоизи) қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бугунги олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мақсади ҳам ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг турмуш тарзини юксалтириш ва барчага бирдек яхши шароит яратишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги Фармони ва унда белгиланган вазифалар айни шу мақсадларни ўзида мужассам этган. “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Обод қишлоқ” Дастури доирасида бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда.  Жумладан, бу борада Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани, Манас қишлоқ фуқаролари йиғинида олиб борилган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин.

“Обод қишлоқ” Дастури асосида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг “Жиззах минтақавий пахта терминали” МЧЖ томонидан Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани, Манас ҚФЙ ҳудудидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва таъмирлаш ишларида фаол иштирок этди, маҳалла ободлиги тадбирида фаол қатнашди. Шунингдек, ҳудудда жамият маблағлари ҳисобидан  “Манас” тикувчилик мажмуасининг ташкил этилиши натижасида маҳалланинг юзлаб аёллар доимий иш билан таъминланди.

Дастлаб,  тикувчилик цехини ташкил этиш учун ажратилган бино тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Цех учун ажратилган ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 9000 дона гул ва 1500 дона тут, 150 та олма, 100 дона бехи ва 150 дона олхўри мевали дарахт кўчатлари экилди.

 “Манас” тикувчилик мажмуасига 70 та саноат тикув машиналари, 1 саноат пичоғи, 2 та саноат дазмоли ва бошқ зарурий жиҳозлар олиб келиниб, 100 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Бугунги кунда мажмуа тикувчилари томонидан соҳа учун зарур бўлган махсус кийим, пахта этаги, автоёпқичлар ва бўз қопларини тикиш ўзлаштирилган бўлиб, шундан, 2500 дона махсус кийим ва 4560 та пахта этаги тикилиб, тизим корхоналарига етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан кам таъминланган, ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эҳтиёжманд хонадонларга 50 та тикув машиналари етказиб берилиб, касаначилик билан шуғулланувчи 50 нафар аёл (шундан 12 нафари жисмоний имконияти чекланган) иш билан банд қилинди.

Бу каби амалий ишлар “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бошқа ҳудудларда ҳам фаол давом эттирилмоқда.

 

"Ўзпахтасаноат" АЖ Матбуот хизмати