Иқтисодиётни инновацияларни кенг жалб этган ҳолда ҳар томонлама ривожлантириш – халқ фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 29 ноябрь куни Хоразм вилоятига келди. 

Давлатимиз раҳбари Хоразмга ташрифлари чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. 

Ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Йирик корхоналар, уй-жойлар, таълим муассасалари, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Яна кўплаб лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 

Президентимиз вилоятга бу галги сафарини Шовот туманидан бошлади. 

Давлатимиз раҳбари бундан икки йил муқаддам "Uztex" компаниялар гуруҳига Шовот туманининг чекка ҳудудида юқори технологик имкониятларга эга тўқимачилик корхонаси ташкил этиш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берган эди. 

Шу вақт ичида илгари мавжуд бўлган корхона негизида илғор технологиялар билан жиҳозланган, мингдан ортиқ иш ўрнига эга қўшма корхона ишга туширилди. 

Қиймати 65 миллион доллар бўлган лойиҳанинг дастлабки босқичида Италиянинг “Лонати” компаниясида ишлаб чиқарилган 528 та, жорий йилда яна 512 та пайпоқ тўқиш дастгоҳи харид қилинди. Йилига 30 миллион долларлик 70 миллион жуфт пайпоқ тайёрлаш қувватига эга қўшма корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ инновацион технологиялар асосида бошқарилади. 

Ўтган йили корхонада 5,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозорга йўналтирилди. Жорий йилдан тўла қувват билан ишлай бошлаган корхонада октябрь ойи ҳолатига кўра 12,5 миллион жуфт пайпоқ тўқилди. 3,85 миллион долларлик маҳсулот АҚШ, Россия, Молдова, Украина каби қатор мамлакатларга экспорт қилинди. 

Давлатимиз раҳбари корхона қошида ташкил этилган логистика маркази, тўқув, қадоқлаш цехлари, лаборатория фаолияти билан танишди, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди. 

Мазкур корхона технологик имкониятларига кўра дунёда саноқли, Марказий Осиёда ягонадир. Бу ерда айни кунда пайпоқ, сочиқ каби тўқимачилик маҳсулотларининг янги моделларини ўзлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. 

Иқтисодиётимизга инвестиция киритиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича берган топшириқларимиз туфайли бугун тадбиркорлардан қўрқув йўқолди. Корхона очаман, иш ўрни яратаман, деганга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бизнес учун барча кафолатлар яратилган. Бундан хорижий ҳамкорлар ҳам манфаатдор бўлиб, экспортга ҳисса қўшмоқда, деди давлатимиз раҳбари. 

Шу ерда Хоразм вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, “Dererlop Textile” МЧЖ томонидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, Шовот туманида аралаш ва пахта ип-калава ишлаб чиқариш бўйича янги йигирув фабрикаси қуриш, Урганч шаҳрида “Textile finanse Horezm” МЧЖ томонидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Тошкент вилояти Паркент туманида Заркент санаторийсини барпо этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. 

Давлатимиз раҳбари енгил саноат тармоғини жадал ривожлантириш, маҳсулот экспортини кенгайтириш, қўшимча даромад манбалари ва иш жойини кўпайтириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди. 

“Katqal’a teks” қўшма корхонаси ҳудудида Хоразм вилоятини ривожлантиришга доир иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Малайзиянинг “Serba Dinamik Group” компанияси вице-президенти Палендран Палачандран давлатимиз раҳбарига “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида каустик сода ишлаб чиқариш заводи барпо этиш инвестиция лойиҳасини тақдим этди. Қиймати 250 миллион доллар бўлган лойиҳа 100 фоиз компания инвестицияси томонидан амалга оширилади. Корхона ишга тушгач, йилига 33 минг тонна каустик сода ва 30 минг тонна хлор ишлаб чиқарилади. 150 та иш ўрни яратиладиган корхона маҳсулотлари тўлиқ экспорт қилиниши режалаштирилган. 

Ўзбекистоннинг Малайзия, Саудия Арабистони, Туркманистондаги элчихоналари томонидан вилоятга хорижий инвестиция лойиҳалари олиб келинмоқда. Хусусан, Малайзиядаги элчихона томонидан каустик сода ишлаб чиқариш лойиҳасидан ташқари қандолат маҳсулотлари, тиббий косметология хизматлари кўрсатиш эстетик марказини очиш, тайёр тўқимачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, Саудия Арабистонидаги элчихона томонидан Хива шаҳридаги Оллоқулихон ва Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаларини қайта таъмирлаб, уларда меҳмонхоналар ташкил этиш, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Хоразм вилоятига Ислом тараққиёт банкининг 100 миллион долларлик имтиёзли кредитини жалб этиш, Туркманистондаги элчихона томонидан воҳага сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилган. 

Тақдимот чоғида Президентимиз мазкур лойиҳаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Ҳудудга жалб этиладиган хорижий инвестицияларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Урганч – Хива поездида Хива шаҳрига келди. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш лозимлигини қайд этган эди. Қисқа фурсатда бу эзгу ташаббус амалга оширилди. 

Вокзал биноси Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттириб, унда замонавий VIP зал, она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд. Вокзалда 35 ишчи бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатади. 20 ўринли меҳмонхона юртдошларимиз ва туристларга қўшимча қулайлик яратади. 

Вокзалдан “Ичан қалъа” музей-қўриқхона мажмуасигача бўлган масофа 2 километр. Бу шаҳарда туризмни янада ривожлантириш, сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Урганч – Хива темир йўл йўналиши ва Хива вокзали расман очилди. Келгусида Хивагача “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. 

Президентимиз вокзал инфратузилмасини янада яхшилаш, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш, сайёҳларга янада қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. 

Шавкат Мирзиёев Хива темир йўл вокзали билан “Ичан-қалъа” мажмуаси ўртасида барпо этилаётган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ҳам давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган топшириқ ижроси бўлиб, Хивага янгича қиёфа бағишлади. 

Хиёбоннинг икки тарафида икки қаватли туризм объектлари қурилган. Уларнинг биринчи қаватида ҳунармандлик устахоналари, савдо ва маиший хизмат дўконлари, иккинчи қаватида оилавий меҳмонхоналар, ресторанлар ташкил этилган. Бу хиёбон ва шохобчалар сайёҳларга қўшимча қулайлик яратиш билан бирга, одамлар учун иш ўрни, даромад манбаи ҳам бўлади. 

Президентимиз шу ерда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш, Хива шаҳрининг тарихий қисмини батафсил режалаштиришга оид лойиҳалар билан танишди. Уларда мамлакатимизда халқаро бренддаги меҳмонхоналар бунёд этиш, савдо ва сервисни кенгайтиришга қаратилган режалар тақдим этилди. 

Шавкат Мирзиёев хорижлик ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг инвестиция таклифлари бўйича кўрсатмалар берди. 

Бизнес нима дегани? Манфаат дегани. Ўзбекистонда туризм жуда манфаатли, истиқболли соҳа. Шунинг учун бу соҳага тадбиркорларни, инвесторларни кўпроқ жалб этиб, уларга «яшил йўлак» қилиб бериш керак, деди давлатимиз раҳбари. 

Хива яқинида кўп қаватли уйлар қуриб, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳолини босқичма-босқич кўчириш, қалъа ичидаги уйларни сайёҳлик объектларига айлантириш зарурлиги таъкидланди. 

Биз чет эллик сайёҳларни қадимий тарихимиз ва қадриятларимиз билан жалб қилишимиз мумкин. Лекин Хоразмнинг, Хиванинг тарихи тўлиқ ўрганилмаган, уни таништириш бўйича тизим ҳам йўқ. Шунинг учун Хоразм тарихини энг қадимги даврдан бошлаб ўрганиб, одамларга содда тилда тушунтириш керак. Хивага келган одам катта таассурот, билим олиб кетсин, бу ерда кўпроқ қолиб вақтини мазмунли ўтказсин, деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотларга шу бўйича топшириқлар берилди. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграцияси асосида мамлакатимиз пиллачилик соҳаси учун мутлақо янги ишлаб чиқариш йўналишларига асос солмоқда. Бу борада дастлабки ютуқларга эришилди. “Khiva Silk Fabric” корхонасида амалга оширилаётган йирик лойиҳа улардан бири. 

Президентимизнинг пиллачиликни янада ривожлантириш борасидаги ташаббуси асосида ташкил этилган мазкур корхона жойлашган бино 1976 йилда қурилган, кейинги 15 йил мобайнида бўш турган эди. Ташландиқ бинода иш бошлаган корхонада инновацион ғоялар, креатив ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йил август ойида ишга туширилди. Кластер усулида йилига 140 тоннадан зиёд қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга корхонада 110 доимий иш ўрни яратилди. 

Амалга оширилган диверсификация ишлари натижасида қиймати 1,1 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди. Улар асосида Хитой ва Покистонга ипак маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари корхонада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишди, ишлаб чиқарилиши кутилаётган янги маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди. 

2019 йилдан ипак толасидан мато ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш, ғумбакдан лаборатория усулида ёғ олиш йўлга қўйилади. Ипакни олгандан кейин пилла ичида қоладиган ғумбакка шу кунгача чиқинди сифатида қаралган. Оқсилга жуда бой ғумбакдан косметологияда ишлатиладиган қимматбаҳо ёғ олинади. Хитойда бу ёғнинг 1 литри 40-50 доллар туради. 

Корхонада хитин ва хитозан моддалари, биологик фаол қўшимчалар, ғумбак консерваси, тут баргидан чой ва ширинликлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган. 

Хитин ва хитозан моддаси ўсимлик уруғи чиришининг олдини олади, тез ривожланишига ёрдам қилади. Ҳозирча бу маҳсулотлар мамлакатимизга чет элдан олиб келинмоқда. Эътиборлиси, тут баргидан ширинликлар ишлаб чиқариш илк бор йўлга қўйилмоқда. 

Корхонада ипак олиш учун ишлатиладиган сув чўкмасидан совун олиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Пиллани ивитиш давомида унинг таркибидаги 18 хил аминокислота, цирицин ва фебриин каби моддалар сувга ўтади. Шу вақтгача бу сув оқизиб юборилган. Намуна шаклидаги совунлар хушбўйлиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради. 

Шу ерда хитойлик ҳамкорлар билан ипак уруғи ишлаб чиқариш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, қовуннинг ҳосилдор ва экспортбоп навларини яратиш, асосий ва такрорий экинда шоли етиштириш, Хоразм шароитида ердан унумли фойдаланиш каби қатор истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда. 

 

UzA