Маънавий-маърифий учрашув

 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятида ташкил этилган навбатдаги маънавий-маърифий учрашув давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини атрофлича ўрганиш, шунингдек, куни кеча Президент фармони билан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига бағишланди.

Сиёсий шарҳловчи, республикада хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков, Маънавият тарғибот маркази Яккасарой туман бўлими раҳбари Баҳодир Юсупов, “Ўзпахтасаноат” АЖ бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Юлдашов сўзга чиққан мулоқот аввалида Янги Ўзбекистонни биргаликда қуриш шиори остида юртимизда амалга оширилаётган кўламли ва шиддатли ислоҳотлар муваффақиятига барча бирдек масъул эканлиги эътироф этилди. Бу борада ҳар ким бажарадиган вазифалар ҳар хил бўлгани билан уларнинг пировард натижаси бир нуқтада бирлашиши диққатга сазовордир.

Шу маънода Юртбошимизнинг парламентга мурожаатномасини аввалги нутқ ва маърузаларнинг тадрижий, мантиқий давомидир, десак тўғри бўлади. Айни пайтда бу йилги мурожаатнинг қамрови кенглиги, кўтарилган масалалар салмоғи илмий тадқиқот даражасида чуқур таҳлил қилингани, энг муҳими, очиқ ва ошкоралиги, самимий ва таъсирчанлигини қайд этмоқ лозим.

Мурожаатномани йўналишларга бўлиб ўрганиш унинг мазмун-моҳиятини янада теранроқ англашга кўмаклашади. Кези келганда, янги қабул қилиниши ёки қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган 16 та қонун ҳужжати ҳақида сўз борганини, шунингдек, амалдаги 6 та кодексни такомиллаштириш, 5 та концепция ва 5 та дастур яратиш, 4 та йўналишда янги стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги хусусида чуқур фикр юритилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси билан боғлиқ жараёнлар учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Суҳбат давомида ҳозирги кунда жаҳонда рўй бераётган воқеалар таҳлили ҳам тадбир қатнашчилари эътиборидан четда қолмади.

 

“Ўзпахтасаноат” АЖ матбуот хизмати