Муҳим масалалар муҳокамаси депутатлар талқинида

14 май куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида 3 та йиғилиш бўлиб ўтди. 
 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти юзасидан журналистларга маълумот берилди.
 
Фракция масъуллари айтишича, депутатлар жорий йил бошидан эътиборан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ролини ошириш, улар ваколатларини кенгайтиришга эътибор қаратмоқда. Шу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун алоҳида дастур ҳам ишлаб чиқилган.
 
ЎзЛиДеПнинг халқ вакиллари биринчи чоракда 3 та қонун лойиҳасини тайёрлашда бош бўлди. Бу – “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари.
 
Парламент назорати доирасида Иқтисодиёт, Инвестиция ва ташқи савдо, Молия, Халқ таълими вазирликлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инвестициялар бўйича, Давлат статистика қўмиталари, Марказий банк, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари мутасаддиларининг ахборотлари эшитилди. Бу эшитувлар бўйича қабул қилинган қарорлар ташкилотларнинг ўзларига юборилган, уларнинг ижроси назоратга олинган.
 
Фракция ташаббуси билан ҳар ойда ўтказилаётган “Ҳукумат соати”да давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш амалиёти ҳам кенг қўлланилмоқда.
 
“Ҳукумат соати”нинг илк меҳмони 5 февраль куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов бўлган эди. Унда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳақида вазирнинг ахбороти эшитилганди.
 
Журналистларга фракциянинг биринчи чорак якунлари бўйича амалга оширган ишларига доир асосий рақамлар айтилди. Фуқаролардан келиб тушган 2850 га яқин мурожаатнинг қарийб ярми жойида ҳал этилган, қолганлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ёки республика идораларига юборилган. Мурожаатларнинг энг кўпи уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли.
 
Уч ойда фракция аъзолари турли вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига 93 депутат сўровини юборган. 78 тасига тегишли тартибда жавоб олинди. Айрим депутат сўровларига ўз вақтида жавоб берилмаган.
 
* * *
 
Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳ навбатдаги йиғилишини ўтказди.
 
Унда депутат А.Юнусова инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2017-2018 йилларда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган тадбирлар тўғрисида ахборот берди.
 
Айтилишича, ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низом, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
 
2018/2019 ўқув йилида Халқаро ислом академиясида Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик, Ислом тарихи ва манбашунослиги, Ақида кафедралари очилди. Уларда талабалар таҳсил олмоқда.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов “Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида амалга оширилган ишларни айтди. Конфессиялар иши бўйича кенгашнинг низоми тасдиқланди. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида исломий бўлмаган диний ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
 
Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берди.
 
Бу қонун лойиҳасининг мақсади қонун нормаларини 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштириш, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, давлат рўйхатидан ўтишни рад этишнинг муайян асосларини аниқлаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини, суд тартибида диний ташкилот фаолиятини тўхтатишни, диний ташкилотларнинг режалаштирилган фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартибини, диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш тартибини белгилашдир.
 
Қонун лойиҳасида диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартиби диний ташкилотларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сонининг 100 кишидан 50 кишигача қисқаришини, шунингдек, диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилишини кўзда тутади.
 
Шунингдек, Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг марказий органлари учун давлат божи беш марта – ЭКОИҲнинг 100 баробаридан 20 баробаригача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 баробардан 10 баробаргача қисқартирилиши мумкин. Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан соддалаштирилмоқда. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланади, диний ташкилот фаолиятини суд тартибида тўхтатиш белгиланиши киритилган.
 
* * *
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси 15 май – Халқаро оила кунига бағишлаб “Оила мустаҳкамлиги давлат ва жамият эътибори марказида” мавзуида давра суҳбатини ташкил этди.
 
Суҳбатда Ўзбекистон оилалари ҳаётида фаровонликнинг янги даври бошлангани эътироф этилди. Бу қутлуғ жараённинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори давлат томонидан оилаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмини юзага келтирди.
 
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаларини қизиқиш билан эшитди.
 
Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари кафолатларига доир қонунчиликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Давра суҳбати якунида Ўзбекистонда қизлар ва йигитлар учун никоҳ ёшининг тенглаштирилгани (ўн саккиз ёш этиб белгилангани) қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайишида таъсирчан асос бўлиб хизмат қилиши депутатлар ва иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.