“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати: ЭЗГУ ТАШАББУС САМАРАЛАРИ

 

Пандемия шароитида ҳудудлардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар сони ўрганилиб, уларнинг моддий таъминоти билан боғлиқ мавжуд вазият чуқур таҳлил қилинаётгани ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу борада айниқса Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирлар аҳолига мамнуният бағишламоқда. Ана шу эзгу ишларда “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ҳам муносиб иштирок этаётир.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати Алишер Максудов саъй-ҳаракатлари билан Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда ўтказилган хайрия акцияси ҳам юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Мазкур ҳудуддаги Нурлийўл, Қизилсой Оқовул, Жумабозор сингари маҳалла фуқаролар йиғинларидаги юзта ижтимоий ҳимояга муҳтож ёхуд боқувчисини йўқотган оилаларга ун, шакар, ёғ, гуруч, картошка каби ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг уйларига етказиб берилди. 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти мутахассислари қайси хонадонга киришмасин, саҳоватли инсонлар кўмагидан бахраманд бўлганлар ушбу ҳаракатни бошлаган Президентимизга миннатдорчилик билдиришди. Синовли кунларда ёлғизлатиб қўймай, ўз ёрдамини аямаётганларга раҳмат айтиб, дуо қилишди.

 

“Ўзпахтасаноат” АЖ матбуот хизмати