“Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” якунланди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 октябрдаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилди. Ана шу ойлик доирасида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотларда ҳам туркум тадбирлар ўтказилди. Давра суҳбати тарзидаги мулоқотларда Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ҳуқуқшунос олимлар ва соҳа экспертлари таклиф этилган учрашувларда тизим ташкилотларида фаолият юритаётган ёшлар ҳам фаол қатнашди. Айниқса, бу йилги сайловда илк бор овоз берадиган навқирон авлод вакиллари 22 декабрни интиқлик билан кутаётгани қайд этилди.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти мажлислар залида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Миллий тикланиш” демократик партияси мутасаддилари иштирок этишди. Тадбир аввалида бу галги сиёсий жараёнларнинг олдингилардан фарқли жиҳатлари, фуқароларнинг жамиятдаги ўзгаришларга дахлдорлигини акс эттирувчи видеолавҳа намойиш этилди.

Парламент қуйи палатаси депутати,  “Миллий тикланиш” демократик партияси раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Мухторов Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан сайлов тизимида рўй берган янгиликлар ҳақида маълумот берди. Сайловнинг ҳар бир фуқаро ҳаётида тутган ўрни хусусида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Давра суҳбати қизғин савол-жавоблар билан якунига етди.

 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти матбуот хизмати