Тизимдаги ёшлар билан мулоқот ўтказилди

Маълумки, жорий йилнинг 27 июнь куни “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун ресурслар ажратиш, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва йўналишларга кредит ажратиш шартларини енгиллаштиришга кўмаклашиш, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш сингари муҳим йўналишлар белгилаб берилган. 

Мазкур Фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тизим корхоналарида меҳнат қилувчи ёшларга Фармон моҳиятини тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Ўзпахтасаноат” АЖдаги Етакчилар кенгаши томонидан турли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятида жойлашган “Ўзбекистон пахта тозалаш” АЖда ташкил этилди.

Йиғилишда “Ўзпахтасаноат” АЖ Етакчилар кенгаши аъзолари томонидан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган асосий масалалар, шунингдек акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ички буйруғи  асосида маълумотлар берилди.

Ўз навбатида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга  жавоблар қайтарилди. Тадбир давомида тадбиркорлик фаолиятига қизиққан ёшлар “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ўз бизнесини ташкил этиш истагини билдиришди ва уларга бу борада тегишли йўл-йўриқ ҳамда тушинтиришлар берилди.  

Айтиш жоизки, бу каби тарғибот тадбирлари тизимдаги барча корхона-ташкилотларда ўтказилмоқда. Бизнес ғоялари мавжуд бўлган, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш истагидаги ёшлар рўйхатга олиниб, уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилмоқда. 

 

"Ўзпахтасаноат" АЖ Матбуот хизмати