“Ватанпарвар”да уч авлод учрашди

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Уч авлод учрашуви” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
 
Тадбирнинг бош мақсади – Ватанимиз озодлиги ва шону-шарафи ҳимоячилари билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган учрашувлар ва маънавий-маърифий, бадиий кечаларга ҳамоҳанг тарзда уруш қатнашчиларининг шонли ҳаёт йўлларини ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатишдан иборат.
 
Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари юртимизни фашизмдан ҳимоя қилиш мақсадида суронли йилларда кўрсатган жасорати, босиб ўтган ҳаёт йўли, халқимизнинг қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берди.
 
Ёшлар эса ўз навбатида боболарнинг қаҳрамонлиги улар учун катта ҳаёт мактаби эканлиги, ушбу тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтишди.
 
IMG_4196.JPG
 
Давра суҳбати қатнашчилари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг мустақил фикр юрита оладиган, маънавий бой, жисмонан етук, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, халқимиз менталитетига ёт бўлган зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши мардонавор туриб бера оладиган шахсни шакллантириш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни баён қилди.
 
Шунингдек, тадбирда фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг фахрийлари, фан ва маданият арбоблари, жамоат бирлашмалари вакиллари ҳамда журналистларни фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.
 
Давра суҳбати якунида уруш қатнашчилари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, улар учун уруш йилларида ижро этилган куй-қўшиқлардан иборат ретро концерт дастури намойиш этилди.