Ўзаро ҳамкорликка бағишланган семинар ўтказилди

2018 йилнинг 15 август куни “Пахтасаноат илмий маркази” акционерлик жамиятида Ўзбекистон ва Қозоғистон пахта тозалаш саноати корхоналари вакилларининг ҳамкорлик ўзаро хамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинари бўлиб ўтди.

Семинарда Қозоғистон пахта тозалаш саноати корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг 15 кишидан иборат бўлган делегацияси иштирок этишди.

Меҳмонлар дастлаб “Пахтасаноат илмий маркази” лабораторияларидаги янги ишланмалар ва асбоб-ускуналар билан танишдилар.

Семинарни “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Бош директори Т.М.Қулиев кириш сўзи билан очиб берди.

“Ўзпахтасаноат” АЖ Бошқаруви раиси А.И.Мақсудов сўзга чиқиб Ўзбекистонда пахта саноати ривожланиши ва унинг истиқбол йўналишлари тўғрисида гапириб берди. Шунингдек,Ўзбекистон ва Қозоғистон пахта тозалаш корхоналари ўртасида йўлга қўйилаётган ўзаро ҳамкорлик тадбирлари келажакда самарали бўлишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг “Қозоқ пахтачилик уюшмаси” юридик шахслар бирлашмаси раиси С.Р.Бактибаев сўзга чиқиб Қозоғистоннинг пахта саноат соҳасида ўзбекистонлик ҳамкорлари борлигидан ва Ўзбекистонда пахта тозалаш саноатида етук ўзгаришлар мавжуд эканлигидан мамнун эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бир қаторда улар ёрдамида кадрларни қайта тайёрлашда, илмий ишланмалардан ҳамда техника ва технологиялардан фойдаланишда, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, уруғлик чигит таъминотида кўмак берилишидан умидвор эканлигини айтиб ўтди.

Сўзга чиққан “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Малака ошириш маркази раҳбари, техника фанлари доктори Қ.Жуманиёзов “Илмий марказда пахтани қайта ишлаш соҳасидаги ходимларни малакасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида маъруза қилди.

Москва шаҳридаги “Надёжность тяжелых машин” корхонаси бош директори И.А.Сурков “Замонавий технологиялар ёрдамида пахта тозалаш корхоналаридаги прессларни бевосита жойида тиклаш” масалалари тўғрисида маълумот берди.

Илмий марказдаги ушбу тадбир сўнгида пахта тозалаш саноатида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрида фикр алмашувлари бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Қозоғистон пахта саноати делегацияси вакиллари “Ташхлопкомаш” корхонасида пахта тозалаш саноати учун зарур бўлган асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.

Семинар якунида меҳмонлар Бўка пахта тозалаш тажриба-экспериментал корхонасининг фаолияти билан танишдилар. Бу ерда уларга Илмий марказ олимлари томонидан ишлаб чиқаришга жорий этилган бир қатор янги ишланмалар намойиш этилди. Улар жумласида, пахта қабул пунктининг электрон тарозихоналари ва қабул қилинаётган пахтанининг намлиги, ифлослиги, навини аниқлашда қўлланилаётган приборлар ва услублар қозоғистонлик хамкорларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ушбу корхонада экологик муҳитни яхшилаш учун циклон хўжалигини такомиллаштириш, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишдилар.

Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бўйича ҳамда пахта тозалашда қўланилаётган янги ишланмалар ва шулар жумласида, янги ротацион аррачархлагич ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир якунида меҳмонлар ташкил этилган семинар учун миннатдорчилик билдирдилар ва келажакда бундай учрашувларни кўпроқ ўтказиш ва хамкорлик ришталарини янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.