Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Ховос туманидаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди

        Президент Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 18 июль куни Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюрди. Ховос туманида йирик ишлаб чиқариш мажмуаларининг йўқлиги инобатга олиниб, кичик тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.Давлатимиз раҳбари туман марказидаги аҳолининг турмуш шароити билан танишди.

        Ташриф давомида, Шавкат Мирзиёев Ховос туманидаги «Саховат» фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғўза ривожини кўздан кечирди. «Бек кластер» корхонасига қарашли мазкур хўжаликда жорий мавсумда ғалладан 455 тонна ҳосил олиниб, 314 миллион сўмдан зиёд соф фойда кўрилган. Бўшаган майдонга экспортбоп дуккакли экинлар экилган. Ҳозир 50 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.Шу ерда вилоят, туманлар ва секторлар раҳбарлари, фермер ва тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.  Сирдарё вилоятида бу йилги пахта ҳосили учун 73 минг гектар майдонга чигит қадалган. Баҳор серёғин келгани оқибатида айрим майдонлар бузилиб, қайта уруғ экилган. Вилоят ва соҳа мутасаддиларига қолоқ майдонларнинг ҳар бир контурида назоратни йўлга қўйиб, биостимуляторлар билан ишлов бериш, барча агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, фермерларнинг манфаатдорлигини ошириш максадида пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўпайтирилгани қайд этилди.

        Давлатимиз раҳбарининг республиканинг вилоятларига сафарлари ҳамиша ўлкан янгиланишларни бошлаб беради. Улар натижасида ҳар бир сохадаги йирик лойиҳалар амалга оширилади. Ховос туманига навбатдаги ташриф яна бир ёрқин далили бўлди.

Манбаа: Uza.