“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти халқаро кўргазмада иштирок этмоқда

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида «UzTextile Expo 2018» биринчи тўқимачилик ва мода саноати ҳамда “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси иш бошлади.  

5-7 сентябрь кунларига мўлжалланган мазкур халқаро кўргазмада Ўзбекистон, Беларусь, Латвия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Швейцария, Ҳиндистон давлатларидан 103 компания ва фирмалари қатнашмоқда. Унда мамлакатимиздаги тўқимачилик жиҳозлари, тикув-трикотаж маҳсулотлари, экологик тоза хомашёдан эркак, аёл ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш, хомашё етиштиришга ихтисослашган 70 га яқин етакчи, кичик ва ўрта бизнес вакиллари хорижлик ҳамкорларга ўз салоҳиятларини намойиш қилмоқда.

Кўргазмада “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ҳам алоҳида павильонда ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Кўргазманинг илк кунида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Максудов ташриф буюриб, павильонларда намойишга қўйилган тўқимачилик маҳсулотлари ва соҳага оид техника-технологиялар билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, анжуман доирасида турли учрашув ва мулоқотлар, модалар ва саноат коллекциялари намойиши ҳамда ўзаро англашув меморандумлари ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган.

 

“Ўзпахтсаноат” АЖ Матбуот хизмати