“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналарида 2020 йил ҳосили учун уруғлик чигит тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги “2020 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хом ашёсини етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида” 985-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги уруғлик чигит тайёрлашга ихтисослашган корхоналарида 2020 йил пахта ҳосили учун фермер хўжаликлари ҳамда Пахта-тўқимачилик кластер корхоналарини сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш бўйича топшириқлар белгилаб берилган.

Унга кўра, жорий йилда уруғлик чигитни тозалаш-саралаш 81 минг 20 тонна, туксизлантириш 21 минг 860 тонна ва дорилаш 59 минг 490 тонна топшириқ қилиб белгиланган.

Шундан, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари эҳтиёжи учун уруғлик чигитни тозалаш-саралаш 24 минг тонна, туксизлантириш 5,0 минг тонна ва дорилаш 20 минг тоннани ташкил этади.

Бунинг учун “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги уруғчилик корхоналарида мавсумга тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланиб, 2020 йил учун талаб этиладиган 1,0 млн дона қоғоз қоп ва зарур инвентарлар етказиб берилди.

Шу билан биргаликда, уруғлик чигитларни дорилашда талаб этиладиган кимёвий препаратлар учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тавсияси билан ишлаб чиқарувчи корхоналари билан тузилган  шартномаларга асосан 5,0 млрд сўмлик кимёвий препаратлар харид қилиниб, уруғлик чигит тайёрлаш корхоналарига тўлиқ етказиб берилди.

Бугунги кунда тизимдаги уруғлик чигит тайёрлаш корхоналари тўла қувватларда ишлатилиши таъминланмоқда.