“Ўзпахтасаноат” АЖда хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбир ўтказилди

Шу йилнинг 7 март куни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти мажлислар залида 8 март – “Халқаро хотин-қизлар байрами” муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Йиғилишни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг Иқтисодиёт ва инвестициялар департаменти бошлиғи М.Тўхтамишев кириш сўзи билан очиб, Бошқарув раиси А.Максудовнинг тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Тадбирда сўз олганлар оламнинг гултожи бўлган аёлларнинг жамиятда тутган ўрни муҳим экани алоҳида таъкидланиб, айниқса, мамлакатимизда аёлларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш маънавий қадриятларнинг ажралмас қисмига айланганини эътироф этишди.

Анжуманда тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва меҳнат фахрийларига акциядорлик жамиятининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ходимларнинг байрам кунларида мароқли хордиқ чиқаришларини таъминлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ички туризмни ривожлантиришга оид ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 нафарга яқин аёлларга байрам совғаси сифатида “очиқ осмон остидаги музей” номини олган Хива шаҳрига саёҳат чипталари тақдим этилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан "Ўзпахтасаноат" АЖга пахтани қайта ишлаш соҳасига кўп йиллар хизмати сингган меҳнат фахрийлари ҳам таклиф этилди. Фахрийларни жамият раҳбарияти байрам билан қутлаб, махсус совғаларни топширди. 

Фурсатдан фойдаланиб, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи, лобар, мунис ва мўътабар аёлларни айём билан муборакбод этади! Уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва меҳнат фаолиятларига муваффақият тилайди! Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва мухтарама Аёллар!

 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти Матбуот хизмати